ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ ФЕДЕРАЦИЯСИ РАИСИ ҚУДРАТИЛЛА РАФИҚОВНИНГ КАСАБА УЮШМАЛАРИ УМУМКОНФЕДЕРАЦИЯСИНИНГ IХ ҚУРУЛТОЙИДА СЎЗЛАГАН НУТҚИ
(2022 йил 7 сентябрь, Москва)
Ҳурматли қурултой делегатлари ва иштирокчилари!
Ўзбекистон касаба уюшмаларининг олти миллионга яқин Ўзбекистон касаба уюшмаларининг олти миллионга яқин аъзоси номидан барча делегатлар ва қурултой иштирокчиларини самимий қутлайман.
Фурсатдан фойдаланиб, мезбонларга меҳмондўстлиги ва Қурултой ишини аъло даражада ташкил этгани учун чуқур миннатдорлик билдираман.
Мен Касаба уюшмалари умумконфедерацияси ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан билдирилган барча табрикларга қўшиламан. Ҳурматли қурултой делегатлари!
IХ қурултойимиз касаба уюшма ташкилотлари учун ҳам синовга айланган мураккаб даврда ўтмоқда.
Коронавирус пандемияси иқтисодий фаолликнинг пасайишига, анъанавий транспорт, логистика ва кооперация занжирларининг узилишига, жаҳон бозорларидаги беқарорликка олиб келди. Бу эса инфляция ва ижтимоий кескинликнинг кучайишига сабаб бўлди.
Буларнинг барчаси меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларининг моддий фаровонлигига таъсир қилди, барча қитъаларда миллионлаб одамларнинг турмуш тарзига катта зарар етказди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан ўз вақтида ва самарали чоралар кўрилгани COVID19 нинг салбий оқибатларини сезиларли даражада юмшатиш имконини берди. Инқироздан чиқишда уч томонлама ижтимоий мулоқотимиз, бошқача айтганда, трипартизм катта аҳамиятга эга бўлди.
Бу жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаол иштирок этди.
Ушбу ижобий ўзгаришларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Касаба уюшмалари умумконфедерацияси ўртасидаги фаол ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Касаба уюшмалари умумконфедерациясининг доимий маслаҳати ва ҳуқуқий ёрдами билан биз миллий меҳнат қонунчилигини халқаро нормаларга, Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига мувофиқлаштириш борасида салмоқли натижаларга эришдик.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда “Инсон – олий қадрият” шиори остида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди.
Меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда касаба уюшмалари ташкилотларининг ролини кучайтиришга мунтазам эътибор қаратилмоқда.
Барча замонавий жаҳон стандартларига жавоб берадиган янги “Касаба уюшмалари тўғрисида” ги қонун қабул қилинди.
Ҳар йили 11 ноябрь мамлакатимизда “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” сифатида кенг нишонланади.
Давлатимиз раҳбарининг фармони билан “Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси” ташкил этилди.
Шунингдек, биз касаба уюшмалари меҳнат инспекциясини ҳам тикладик.
Касаба уюшмаларининг бевосита иштирокида янги Меҳнат кодекси ишлаб чиқилди.
Корхона ва ташкилотларда бир нафар ходимни ижтимоий қўллаб-қувватлашга йил давомида ажратилган маблағларнинг ўртача миқдори 5 баробарга ошди.
Республикамизда кам таъминланган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакат бўйича олти миллиондан ортиқ оилалар уйма-уй юриб ўрганилиб, жойларда қарийб бир миллион нафар хотин-қизнинг муаммолари аниқланиб, ҳал этилди.
Aзиз ҳамкасблар!
Биз Касаба уюшмалари умумконфедерациясининг меҳнатни муҳофаза қилиш ва ходимлар соғлиғи, ижтимоий ва пенсия таъминоти, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлларини топишга қаратилган фаолиятини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Шу билан бирга, биз Касаба уюшмалари умумконфедерацияси замонавий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олиши, ўз вақтида жавоб бериши ва юзага келаётган чақириқ ва муаммоларни ҳал қилишнинг самарали усулларини таклиф қилиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Шундан келиб чиқиб, биз қуйидагиларни таклиф қиламиз:
Биринчидан, МДҲда умумий меҳнат бозорини шакллантириш мақсадида барча миллий касаба уюшма марказлари меҳнат мигрантларининг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича қонун ҳужжатлари қабул қилинишига кўмаклашиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Иккинчидан, биз Касаба уюшмалари умумконфедерацияси тузилмасида меҳнат мигрантлари билан ишлаш ва миллий диаспоралар билан алоқаларни йўлга қўйиш бўйича ихтисослаштирилган бўлим ташкил этишни таклиф қиламиз.
Учинчидан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш мақсадида улар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб биламиз. Ёш касаба уюшмалари етакчиларининг биринчи учрашувини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қиламиз.
Тўртинчидан, касаба уюшмалари мулки дахлсиз бўлиши керак! Бу позиция қурултойимиз қарорларида ўз ифодасини топиши зарур.
Биз Россия Мустақил касаба уюшмалари федерациясининг касаба уюшма мулкини ҳимоя қилиш ва ходимларни дам олдириш ва соғломлаштиришни яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз.
Бешинчидан, Касаба уюшмалари умумконфедерациясининг навбатдаги қурултойларига аъзо ташкилотларнинг тенг вакиллик тамойили асосида делегатлар корпусини тузишни таклиф қиламиз.
Биз ҳаммамиз мустақил давлатларнинг касаба уюшмалари вакилларимиз. Шунинг учун битта касаба уюшма марказининг овози бошқа касаба уюшма марказларининг овозларидан устун бўлишига йўл қўймаслик зарур, деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли қурултой делегатлари ва меҳмонлари!
Касаба уюшмалари умумконфедерацияси Кенгашининг ҳисобот давридаги фаолиятини қониқарли деб ҳисоблаймиз ва Назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботини тасдиқлашни таклиф қиламиз.
Хулоса қилиб айтганда, биз бой тажрибага эга касаба уюшмаларимиз меҳнаткашларнинг меҳнат, касбий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишига ишонамиз.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бундан буён ҳам Касаба уюшмалари умумконфедерацияси фаолиятида фаол иштирок этишга, барча ҳамкорларимиз билан ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирамиз.
Қурултой ишига яна бир бор самарадорлик, унинг барча иштирокчиларига эса соғлик, бахт ва фаровонлик тилашга ижозат бергайсиз!
Эътиборингиз учун раҳмат!