ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

ЎЗБЕК ТИЛИ БАЙРАМИ КУНИ ТЕМИР ЙЎЛ ТИЗИМИДА ҲАМ КАТТА ТАНТАНА БИЛАН НИШОНЛАНМОҚДА
21.10.2022

ЎЗБЕК ТИЛИ БАЙРАМИ КУНИ ТЕМИР ЙЎЛ ТИЗИМИДА ҲАМ КАТТА ТАНТАНА БИЛАН НИШОНЛАНМОҚДА

Куни кеча “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти кичик мажлислар залида бошқарма бошлиқлари, мутахассислар, ишчи-ходимлар, шунингдек, таклиф этилган меҳмонлар иштирокида Ўзбек тили байрами катта тантана билан нишонланди.

Байрам тадбирида “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналларининг бош муҳаррири, ҳуқуқшунос, журналист ва шоир Сирожиддин Рауф ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Шуҳрат” медали, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳибаси, “Саодат” журналининг бош муҳаррири, шоира Мунаввара Усмонова сўзга чиқиб, бебаҳо она тилимизни ривожи ва уни давлат тили даражасига етишида темирйўлчилар ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини айтиб ўтишди. Бу соҳа вакилларининг мамлакатимиз иқтисодиётига, халқимиз ҳаётининг фаровон бўлишига қўшаётган ҳиссаси, меҳнати ниҳоятда юқори эканлиги эътироф этилди. Шоир ва ёзувчиларимиз миллионлаб йўловчиларни, халқ хўжалиги юкларини манзилга сифатли ва хавфсиз етказаётган темирйўлчилар ҳақида, уларнинг жасорати, фидойи меҳнати тўғрисида кўплаб шеър ва китоблар ёзишлари зарурлигини таъкидлашди. Шундан сўнг улар ўзларининг қаламига мансуб ёзган шеърларидан парчалар ўқиб беришди.
Тадбирда ёш темирйўлчи ижодкорлар “Зулфия” мукофоти совриндори, Ҳулкар Шерзодова ва 2021 йилги “Зукко китобхон” танлови ғолиби, “Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси ходими Аъзам Умаралиев сўзга чиқиб, она тилимиз ривожига ёш темирйўлчиларнинг қўшаётган муносиб ҳиссаси ҳақида фикр мулоҳазаларини билдиришди. Бўш вақтларида ижод қилиб ёзган шеърларидан ўқиб беришди. Шундан сўнг темирйўлчи ёшларимиз томонидан Ўзбек тили байрамига бағишлаб тайёрланган видеоролик меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.
Тантанали тадбир давомида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси маслаҳатчиси Ҳулкар Ҳотамбоева ҳам сўзга чиқиб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти номидан барча темирйўлчиларни Ўзбек тили байрами куни билан самимий табриклади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан она тилимизнинг давлат тили сифатида нуфузини, обрўсини кўтариш бўйича қилинаётган эзгу ишлар ҳақида маълумот берди. Мамлакатимизда кейинги йилларда ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган 20 дан ортиқ қонун, Президент фармонлари, ҳукумат қарорлари қабул қилингани ҳақида гапирар экан, бу борада темир йўл тизимида ҳам давлат тилини ривожланишга қаратилган бир қатор амалий ишлар олиб борилаётгани, хусусан, барча корхона ва ташкилотларимизда тўлиқ давлат тилида иш юритилаётгани қувонарли ҳолат эканлигини билдирди.
Хусусан, меъёрий ҳужжатлар давлат тилига мувоқифлаштирилгани, жой номлари, корхона ва ташкилот номлари, реклама ва эълонлар каби ташқи ёзувлар лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзувига ўтганлиги айтиб ўтилди. Давлат тилини чуқур ўрганиш учун ишчи-ходимларга зарур шарт-шароитлар яратилгани, тизимдаги Кадрлар малакаси ошириш ва қайта тайёрлаш марказида юзлаб ишчи-ходимлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ҳамда давлат тилида иш юритиш бўйича малакасини ошираётгани таъкидланди.
Байрам якунида Темирйўлчилар маданият саройининг “Тараннум” ансамбли ижросидаги ўзбек мумтоз қўшиқлари йиғилганларга хуш кайфият улашди.

315
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна