Ҳурматли Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси ходимлари!
Сизларни, сизлар орқали темирйўлчилар касаба уюшмасининг 90 мингдан зиёд аъзоларини 11 ноябрь “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг бутун жамоаси ҳамда шахсан ўз номимдан самимий табриклайман.
Бугунги кунда тизимда 147 та бошланғич касаба уюшма ташкилотларига рахбарлик қилаётган Тармоқ Республика Кенгаши халқаро ташкилотлар билан самарали фаолият кўрсатиб, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб бориш билан бирга ҳукумат томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминламоқдалар. Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви билан ҳар 3 йилда тузиладиган Тармоқ келишувида белгиланган мажбуриятларни иш берувчи билан биргаликда ўз вақтида бажариб келмоқда. Ўртача 1 йилда 1,5 минг нафардан зиёд темирйўлчиларни Республикамиздаги ҳамда тармоқдаги санаторияларда хордиқ чиқаришлари учун йўлланмалар ажратиб, 7 минг нафардан ортиқ уларнинг фарзандларини ёз мавсумида соғломлаштириш учун барча имкониятлар яратилмоқда.
Тизимдаги барча касаба уюшма қўмиталари ҳам ишчи-ходимларга қулай меҳнат шароитларини яратиш ва меҳнатга ҳақ тўлаш, бандлик ҳамда ижтимоий кафолатларни назорат қилиб бориш билан бирга уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиб, моддий, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқдалар.
Ҳурматли касаба уюшмаси фидоийлари!
Инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш темир йўл соҳасида ҳам бош мақсадга айланган ҳозирги пайтда касаба уюшмалари олдига ҳам улкан вазифаларни қўймоқда. Биз бу йўлда Сизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, бундан буён ҳам бор имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Ана шундай кенг қамровли фаолиятингизда касаба уюшмасининг бунданда юксак тараққиёт йўлини босиб ўтишида Сизларга сихат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик ва улкан зафарлар тилаймиз.
Чексиз эҳтиром билан,
Х.Хасилов
“Ўзбекистон темир йўллари”
акциядорлик жамияти
бошқаруви раиси в.б.