БАРЧА САЪЙ-ҲАРАКАТЛАРИМИЗ ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРНИ МЕҲНАТИДАН РОЗИ БЎЛИБ ЯШАШИГА ҚАРАТИЛГАН
Ҳозирги кунда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнатига доир, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишга, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш, бандликка кўмаклашиш, иш ҳақларини ўз вақтида олишларини жамоатчилик асосида назорат қилиш ишларига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ўзбекистон темирйўлчилари касаба уюшмаси Ўрта Осиёда биринчилардан бўлиб касаба уюшмасини тузган жамоат ташкилоти ҳисобланади. Қарийб бир асрлик тарихга эга бўлган ушбу ташкилот бугунги кунга қадар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви билан Республика Кенгаши ўртасида тузилган тармоқ келишувида белгиланган соҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ишчи-ходимларга қулай меҳнат шароитлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш, бандлик ҳамда ижтимоий кафолатлар ўрнатиш мажбуриятларини бажариб келмоқда.
Маълумки, касаба уюшмалари фаолиятида меҳнат қонунлари ва жамоа шартномалари ижросини назорат қилиш, ишчи-ходимларни моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб шароитларда меҳнат қилишлари, шунингдек саломатликларини тиклашларига кўмаклашиш, ташаббус ва изланишларини рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этади. Ўтган даврда тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ҳам бу борада бир қатор ишлар бажарилди. Бунда соҳа ходимларининг ижтимоий-ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси талабларини жорий қилиш, темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ишчи-ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ дастур асосида бажарилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Жорий йил тўққиз ой давомида ижтимоий шериклик асосида иш берувчи ва касаба уюшмаси томонидан 1238 нафар ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсионерлар, кам таъминланган оилалар вакилларига байрам кунлари озиқ-овқат тўпламлари, 571 нафарига эса пул мукофотлари берилди. 4008 нафар пенсионерларга соғлиқларини тиклаш учун дори-дармонлар харид қилишлари учун моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, 351 нафарига санатория ва дам олиш уйларига йўлланмалар берилиб, тиббиёт муассасаларига ётқизиш учун пул маблағлари ажратилди. 14 нафар кам таъминланган оилалар вакилларининг уй-жойлари таъмирланди.
Юртимизнинг муқаддас жойлари ва зиёратгоҳларига экскурсиялар ташкиллаштирилди. Республика Кенгашининг ижроия қўмита мажлисида Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ҳамда уларнинг иш жойларида қўнимлилиги юзасидан жамоатчилик назоратининг олиб борилиши аҳволи тўғрисида ва чора-тадбирларини амалда қўллаш бўйича тавсиялар ҳамда топшириқлар тайёрланиб, бажариш учун қуйи ташкилотларга юборилди. Мамлакатимизда умумхалқ байрамлари муносабати билан ўтказиладиган хайрия ҳашарларида Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тасарруфидаги барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотлари улкан ташаббусларни олға суриб фаол иштирок этиб келмоқда.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши жамоаси нафақат тизимдаги ишларда балки Давлатимиз раҳбари топшириқларини бажарилишида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, ҳар бир туман (шахар)лар кесимида “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз ижтимоий химояга мухтож ҳар бир хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, шу жумладан томорқадан фойдаланишга кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш (хотин-кизларни ўқитиш, уларга бизнес лойихаларини тақдим этиш), кредитлар ажратиш, уй-жой билан таъминлаш (ва таъмирлаш), турар жой ижара компенсациясини тўлаш ишларини амалга ошириш, ижтимоий ёрдамга мухтож ногиронлиги бўлган аёлларни моддий жихатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий, психологик, тиббий, химояга мухтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, каби йўналишларни ҳисобга олган ҳолда манзилли режалар ишлаб чиқилиб, ушбу-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда Республика Кенгаши масъул ходимлари томонидан Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси штабида ўз фаолиятини олиб бордилар.
Темирйўлчиларнинг олий мақсади, Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини қуришда, халқимизнинг фаровон хаётини таъминлашда, ишчи-ходимларнинг ўз меҳнатидан рози бўлиб яшашида ўзининг беминнат хиссасини қўшишдир.
Қутлимурат Сабиров
Ўзбекистон темирйўлчилари ва
транспорт қурувчилари касаба уюшмаси
Республика Кенгаши раиси