ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

ТЕМИРЙЎЛЧИЛАР ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИНИ КАТТА ТАНТАНА БИЛАН НИШОНЛАШДИ
07.03.2023

   ТЕМИРЙЎЛЧИЛАР ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИНИ КАТТА ТАНТАНА БИЛАН НИШОНЛАШДИ

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фаол аёллар иштирокида байрам тадбири ўтказилди.
Байрам тадбирида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Х.Хасилов сўзга чиқди.
– Ўлкамизга гўзал ва бетакрор фасл – баҳор нафаси кириб келган ушбу дамларда сизларни, сизлар орқали бутун темирйўлчи хотин-қизларни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти ва шахсан ўз номимдан 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман, – деди Х.Хасилов. – Оила ва жамият кўрки, ҳаётимизнинг файзи бўлган Сиз – азизларни эъзозлаш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Ҳар бирингиз ўз фидокорона меҳнатингиз билан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оилаларни мустаҳкамлаш йўлида муносиб хизмат қилиб келмоқдасиз. Айниқса, темир йўл ривожи йўлидаги заҳматли ва масъулиятли меҳнатларингиз алоҳида таҳсинга сазовор. Сизларга яна бир бор ўз номимдан, қолаверса, темир йўл соҳасида фаолият юритаётган эркаклар номидан чуқур миннатдорлик билдирман! Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо яқинларингиз, фарзанд ва набираларингиз, эл-юртимиз ардоғида бўлиб юриш насиб этсин. Умрингиз узоқ, бахтингиз зиёда бўлсин!
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда темир йўл соҳасида 14 мингдан ортиқ хотин-қизлар фаолият юритмоқда. Улар тизимнинг йўл хўжалиги, энергия таъминоти, локомотив, вагон ва контейнерлардан фойдаланиш, йўловчи ташиш хўжаликлари, лойиҳа ва қурилиш йўналишларида турли лавозимларда, оддий ишчи-ходимликдан раҳбар лавозимигача фаолият юритиб келмоқда. Темир йўл соҳасида юк ва йўловчи ташиш, ишлаб-чиқаришдаги юқори кўрсаткичларга эришиш ҳамда мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим бунёдкорлик ишларида эркаклар билан елкама-елка туриб меҳнат қилаётганликлари юртимиздаги барча аёлларга ўрнак бўлиб келмоқда.
Шу кунгача 39 нафар темирйўлчи аёл турли давлат мукофотлари билан, 118 нафари эса “Фахрий темирйўлчи” кўкрак нишони билан тақдирланди. Эътиборлиси темирйўлчи аёлларимиз орасида мамлакатимизнинг юксак эътирофи ва унвонларига сазовор бўлганлар сафи кенгайиб бормоқда.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”деб эълон қилинди. Бу эзгу ислоҳотларда ҳар бир темирйўлчи опа-сингилларимиз фаол иштирок этиб, бўлғуси оналаримизнинг билимли ва дунёқараши кенг шахс сифатида тарбияланиши, бизнинг буюк халқ бўлиб шаклланишимизда, Ўзбекистон ўз олдига мақсад қилган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда беминнат иштирок этади, деган умиддамиз. Чунки, эртанги кунимизнинг эгалари бўлган ёшларни ҳар томонлама етук бўлиб тарбияланишида оналаримизнинг ўрни беқиёс.
Бир сўз билан айтганда, оилада, меҳнат жамоаларида, умуман, жамиятимизда барқарорликни, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни сақлаш ва мустаҳкамлашда аёлларимизнинг сабр-қаноати, матонати, шукроналиги ҳамда садоқати жуда муҳимдир.
Бу фидойи аёллар меҳнати ҳамиша юксак қадрланиб, давлатимиз ва темир йўл раҳбарияти томонидан муносиб тақдирланиб келинмоқда.
Байрам муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в.б Х.Хасиловнинг буйруғи билан тизимда меҳнат қилаётган барча хотин-қизларга 400 минг сўмдан пул мукофотининг берилиши ҳам темирйўлчи аёлларга кўрсатилаётган эътибор ва эъзознинг яна бир намунаси бўлди.
Байрам тадбирида эл суйган санъаткорлар ва Темирйўлчилар маданият саройи хонандалари иштирокида катта байрам концерти ташкил этилди.

146
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна