НАВРЎЗ БАЙРАМИ ОЛДИДАН САВДО ЯРМАРКАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 2 мартдаги “2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан, мазкур байрам мамлакатимизда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида нишонланиши белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва тасарруфидаги минтақавий темир йўл узелларида, станция ва корхоналарда, тиббиёт муассасалари ҳамда ўқув юртларида халқимизнинг энг ардоқли миллий байрамларидан бири – Наврўзи оламни ўзига хос шодиёна сифатида ўтказиш учун муносиб ва мукаммал байрам дастурлари, миллий қадриятларимиз, урфодат ва анъаналаримиз, ўзлигимизни намоён этувчи жиҳатларни қамраб олган турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири 14-15-16 март кунлари “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳовлисида савдо ярмаркаси ташкил этилди. Унда темирйўлчилар тармоқнинг Қишлоқ хўжалиги бошқармаси тасарруфидаги “Сардоба темир йўл агро саноат” мажмуаси, “Угом чотқол” давлат биосфера резервати, “Гулобод”, “Темирйўлобод” ҳамда “Наврўз” наслчилик мажмуаларида етиштирилган полиз, чорвачилик ҳамда сут ва сут маҳсулотларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олишмоқда. Ярмаркада, шунингдек, бошқа хусусий тадбиркорлар ҳам озиқ-овқат, табиий ва кўркам гул кўчатлари, хорижга экспорт қилинадиган турли хил сифатли кийим-кечаклар ҳамда атир-упаларни арзон нархларда савдога қўйишди. “Угом чотқол” давлат биосфера резервати жамоаси томонидан етиштирилган ва инсон саломатлиги учун ниҳоятда муҳим бўлган тоғ, чўл ҳамда пахта асали, асал қоришмалари, асалари уясидаги асаллар ҳамда қуруқ мевалар (аччиқ ва ширин бодом, ёнғоқ ва зирх (барбарис)) харид қилишга талаб жуда юқори бўлди. Эътиборлиси, Наврўз байрами олдидан ташкил этилган бу каби савдо ярмаркалари ва байрам тадбирлари нафақат Тошкент шаҳрида, балки республикамизнинг барча вилоятларидаги темир йўл корхоналарида, минтақавий темир йўл узелларида ҳам ташкил этилмоқда.