2023-2025 ЙИЛЛАР УЧУН ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ТАРМОҚ ЖАМОА КЕЛИШУВИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ
23 май куни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида Жамият раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши аъзоларининг биргаликда кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти билан Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида 2021-2023 йиллар учун тузилган Тармоқ келишуви мажбуриятларининг 2022 йил давомида бажарилиши кўриб чиқилди ҳамда 2023-2025 йиллар учун янги таҳрирдаги тармоқ келишуви қабул қилинди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Х.Хасилов, Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қ.Киргизалиев ва масъул ходимлар, бошқарма, марказ, хизмат, минтақавий темир йўл узеллари бошлиқлари ва корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари ҳамда Республика Кенгашига аъзо, тасарруфдаги касаба уюшма ташкилотлари раислари ва фаоллари иштирок этди.
Йиғилиш аввалида, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурат Сабиров барчани мажлис кун тартиби билан таништирди.
Шундан сўнг, кун тартибидаги масалалар, яъни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви билан тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжалланган тармоқ келишуви мажбуриятларининг 2022 йил давомида бажарилиши юзасидан Акциядорлик жамиятида олиб борилган ишлар бўйича “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в.б. Х.Хасилов, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспаорт қурувчилари касаба уюшмаси раиси Қ.Сабиров, Иқтисодий таҳлил ва прогнозлаш бошқармаси бошлиғи Н. Бабахалов, минтақавий темир йўл узеллари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарининг касаба уюшма қўмитаси раислари сўзга чиқишди ва ҳисоботлари тингланди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида 2022 йил давомида 73 363 минг тонна халқ хўжалиги юклари жўнатилди, бу 2021 йилга нисбатан 101,2 фоизни ташкил этди, юк айланмаси 24 989 минг тонна километрни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 100,6 фоизга, 9 139 миллион йўловчилар ташилди ва бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 113,7 фоизга бажарилди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва иш шароитларини яҳшилаш учун жами 32,03 миллиард сўм сарфланди. Шундан меҳнатни мухофаза қилиш чора-тадбирлари амалга ошириш учун 774,8 миллион сўм, ишчиларни маҳсус кийим бош, оёқ-кийим ва шахсий мухофаза анжомлари билан таъминлаш учун 12,38 миллиард сўм сарфланган. Тармоқ келишувининг ўзаро мажбуриятлари бажарилиши таҳлил қилинганда, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан йил давомида муайян ишлар амалга оширилганлиги сабабли Тармоқ келишувида кўрсатилган 177 та бандлардан 176 таси бажарилган ва бу бандларнинг бажарилиши учун жами 1 триллион 417 миллиард 800 миллион сўм харажат қилинган.
Бажарилган ишларга қарамасдан 2022 йилда келишувда кўзда тутилган бандлардан биттаси 67 банд бехатар меҳнат банди бажарилмагани айтиб ўтилди. Жамият корхоналарида жами 31 та бахтсиз ходисага йўл қўйилгани бу борадаги ишларга янада масъулият билан қараш зарурлигини кўрсатди. Йўл қўйилган холатларнинг келиб чиқишини ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, улар технологик жараён талабларнинг бузилиши, баландликда ишлаш қоидаларини бузилиши, электр хавсизлиги қоидаларини бузилиши ва ёнғин хавсизлиги бузилишидан иборат бўлмоқда.
Кун тартибидаги масала бўйича Республика Кенгаши раиси ўринбосари М.Розиметов сўзга чиқиб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг 2023 йил 5 январдаги 14-Н-сонли “2021-2023 йиллар учун тузилган Тармоқ келишувининг 2022 йил давомида бажарилиши ҳамда 2023-2025 йиллар учун янги таҳрирдаги Тармоқ келишувини қабул қилиш бўйича ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида”ги қўшма буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрдаги ЎРҚ-798-сонли Қонуни билан тасдиқланган янги Меҳнат кодексининг 2023 йил 30 апрель куни кучга киришини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва қонуности норматив ҳуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мослаштириш мақсадида янги таҳрирдаги Тармоқ жамоа келишуви лойихаси ишлаб чиқилганлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳи аъзолари барча ҳужжатларни ўрганиб, муҳокама қилиб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхоналар, ташкилотлар, муассасаларда амалдаги Тармоқ келишуви бандлари бўйича амалиётда юзага келаётган муаммолар, пенсионерлар ва ишловчи ходимлардан тушаётган таклиф ва мурожаатларни эътиборга олиб, корхоналар томонидан тақдим қилинаётган маълумотлар ва ҳужжатларга, шунингдек, янги Меҳнат кодексига асосан янги таҳрирдаги Тармоқ жамоа келишуви лойихасига тақдим этилаётган таклиф ва мулоҳазалар муҳокама этилди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала яъни, “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ корхона, ташкилот ва муассасаларида ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда меҳнат муносабатларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш соҳасидаги ишларнинг аҳволи ўрганилиши натижалари тўғрисида бўлди. Ушбу масала бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қ.Киргизалиев сўзга чиқиб, ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда меҳнат муносабатларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш соҳасидаги ишлар аҳволини мунтазам равишда назорат этиб бориш, бу борада тегишли чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш борасида тегишли тавсиялар берди.
Йиғилиш якунида ташкилий масалалар бўйича ҳам маълумот берилиб, келгусидаги режалар белгиланган ҳолда қарорлар қабул қилинди ва бир овоздан Республика Кенгаши аъзолари томонидан маъқулланди.
Ш.Юлдашев
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт
қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши
Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфааатларини
ҳимоя қилиш бўлими мудири