БОЛАЛАР ДАМ ОЛИШ ОРОМГОҲЛАРИДА
ЁЗГИ МАВСУМ БОШЛАНДИ
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги болалар дам олиш оромгоҳларида фарзандларимизнинг ёзги дам олиш мавсуми бошланди.
Жори йилнинг ёз мавсуми давомида темирйўлчилар ҳамда транспорт қурувчилари ишчи-ходимларининг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 5 минг 380 нафар ўғил-қизларини “Қибрай”, “Бурчи мулло”, “Темирйўлчи”, “Янги авлодт” ҳамда “Оловиддин” оромгоҳларида тўрт навбатда, “Қўнғирот” санаторий-профилакторийсида эса беш мавсум дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилган.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда минтақавий темир йўл узеллари ва корхона раҳбарияти томонидан 2023 йилги мавсумга жиддий тайёргарлик кўрилди. Барча оромгоҳлар темирйўлчи фарзандларининг мароқли дам олиши учун шай ҳолатга келтирилди.
Шинам турар жойлар, дам олиш ва овқатланиш хоналари, қизиқарли адабиётлар, газета ва журналларга бой кутубхона, чўмилиш ҳавзаси ҳамда турли спорт майдончалари болажонлар ихтиёрида.
– Жорий йилнинг 5 июнь кунидан бошлаб дастлаб “Қўнғирот” санаторий-профилакторийсида биринчи мавсумда 100 нафар темирйўлчи фарзандлари дам олдирилди, – дейди Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бўлим мудири Лола Мерганова. – 13 июндан эса “Оловиддин” оромгоҳида 200 нафар, 15 июндан “Қибрай” оромгоҳида 350 нафар, 16 июндан “Янги авлод” оромгоҳида 200 нафар соҳа фарзандларининг биринчи мавсумда дам олиши бошланди. Анъанага кўра ҳар йилги ёзги мавсумида меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини бепул соғломлаштириш режалаштирилган. Шунингдек, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган темир йўл ходимлари фарзандларига темир йўл тизимида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли ўз ҳудудларида жойлашган оромгоҳларига 1 минг 620 та йўлланма ҳарид қилиш кўзда тутилган.
Таъкидлаш лозимки, сафар давомида болажонларнинг ҳар бири тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар Санитария-эпидемиология маркази ҳамда узеллар Ҳудудий касаба уюшма қўмитаси ҳамда Транспортда ички ишлар бошқармаси ходимлари, шунингдек, оромгоҳ тарбиячи ва етакчилари назоратида дам олиш масканларига хафсиз етиб олишди.
Хусусан, 15 июнь куни Темирйўлчилар маданият саройидан “Қибрай” болалар дам олиш оромгоҳига 1-навбатда дам оладиган ўғил қизларимиз тантанали жўнатилди. Шу ернинг ўзида тиббиёт ходимлари болажонларимизнинг соғлигини яна бир бор кўздан кечириб, масъул ходимлар томонидан дам олиш оромгоҳига берилган йўлланмалар қабул қилинганидан сўнг, замонавий автобусларда Тошкент вилоятининг сўлим гўшасида жойлашган “Қибрай” болалар дам олиш оромгоҳига жўнаб кетилди. “Қибрай” болалар дам олиш оромгоҳида оромгоҳ тарбиячи ва етакчилари болажонларни тантанали равишда қабул қилиб олиб, дам олиш мавсумини кўтаринки руҳда бошладилар.
Жорий йилда “Тошкент минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасига қарашли ушбу дам олиш оромгоҳида мавсумга пухта ҳозирлик кўрилган. Мавсум давомида бу оромгоҳда жами 1500 нафарга яқин болажонлар дам олиб, ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Мавсумнинг 1-навбатида “Қибрай” болалар дам олиш оромгоҳига 350 нафар темирйўлчилар фарзандлари ҳамда "Касаба уюшмаси болаларга акцияси" доирасидаги Меҳрибонлик уйида яшаб, таълим-тарбия олаётган, ота-она ва яқин кишилари қаровидан маҳрум бўлган етим болаларни саломатлигини тиклаш мақсадида 35 нафар 22- меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари қабул қилиб олинди.