ЖАЖЖИ ТЕМИРЙЎЛЧИЛАР ЯНА СЕВИМЛИ МАСКАНЛАРИДА
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама баркамол инсон этиб вояга етказиш, уларни истиқлол ғоялари ҳамда она Ватанга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масаласига катта эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар руёбга чиқарилмоқда. Юртимизда болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш йўналишида янгича ёндашув жорий этилди. Бугунги кунда юртимизда болажонларнинг ёзги таътилда мароқли ҳордиқ чиқариши баробарида, билимини янада мустаҳкамлаб олишлари учун учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раҳбарияти ва Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг “Болаларни 2023 йил ёз мавсумида соғломлаштиришга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Болалар ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш, саломатлигини мухофаза қилиш, санитария-гигиена талабларига риоя қилиш масалаларига жиддий эътибор қаратилди. Бунинг учун акциядорлик жамияти томонидан етарли маблағлар ажратилди.
Жорий йилнинг ёз мавсуми давомида темирйўлчилар ҳамда транспорт қурувчилари ишчи-ходимларининг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 5 минг 380 нафар ўғил-қизларини “Қибрай”, “Бурчи мулло”, “Темирйўлчи”, “Янги авлод” ҳамда “Аловиддин” оромгоҳларида тўрт навбатда, “Қўнғирот” санаторий-профилакторийсида эса беш навбатда дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилган.
Шунингдек олис ҳудудларда истиқомат қиладиган темир йўл ходимлари фарзандларига темир йўл тизимида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли, ўз ҳудудларида жойлашган оромгоҳларга 1620 та йўлланмалар ҳарид қилиниши кўзда тутилган.
Ва ниҳоят 5 июнь кунидан бошлаб ушбу оромгоҳлар биринчи навбатга 1308 нафар соҳа фарзандларини ўз бағрига қабул қилишни бошлади. Бу вақтда Қибрай” болалар дам олиш оромгоҳига 350 нафар темирйўлчилар фарзандлари ҳамда “Касаба уюшмаси болаларга акцияси” доирасидаги Меҳрибонлик уйида яшаб, таълим-тарбия олаётган, ота-она ва яқин кишилари қаровидан маҳрум бўлган етим болаларни саломатлигини тиклаш мақсадида 35 нафар 22-меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари соғломлаштирилдилар.
Айни кунларда иккинчи навбатда 1255 нафар болажонлар мароқли дам олиб, саломатликларини мустаҳкамламоқдалар. Шинам турар жойлар, дам олиш ва овқатланиш хоналари, қизиқарли адабиётлар, газета ва журналларга бой кутубхона, чўмилиш ҳавзаси ҳамда турли спорт майдончалари болажонлар ихтиёрида. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўз ишига сидқидилдан ёндашадиган педагог-тарбиячи, етакчи, тўгарак раҳбарлари ходимлари жалб этилган бўлиб, тиббиёт ходимлари эса болаларнинг сиҳат-саломатликларини назорат қилиб боришмоқда. Тарбиячилар болажонларни турли-туман қизиқарли ўйин мусобақаларга жалб этишса, ошпазлар уч маҳал мазали таомларни тайёрлаб беришади.
Оромгоҳдаги барча жараёнлар мунтазам равишда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг масъул ходимлари томонидан назорат қилиниб келмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, ҳозирги кунда мавсум давом этмоқда. Соғломлаштириш масканларида фарзандларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариши ва жисмоний чиниқиши билан бирга, билимларини янада бойитишлари учун барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек, болалар дам олиш билан биргаликда янги дўстлар орттириб, қалблари бир олам завққа тўлиб, янги ўқув йилини катта таассуротлар билан бошлашади.