ТЕМИРЙЎЛЧИЛАР КАСБ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БИР ГУРУҲ СОҲА ХОДИМЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонига асосан ушбу тизим ишчи-ходимлари бу йилги касб байрамини 7 бор расман нишонлашмоқда.
Бугун 4 август куни Темир йўл транспорти ходимлари куни байрамининг асосий тадбирлари эрта тонгдан пойтахтимиз Тошкентда бошланди. Шу куни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув биносига мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан илғор касб эгалари ташриф буюришди.
Бошқарув биносининг кўркам ва муҳташам мажлислар залида соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в.б. З.Нарзуллаев, унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров, минтақавий темир йўл узеллари раҳбарлари, бошқарма ва корхона бошлиқлари, мутахассислар ва ишчи-ходимлар иштирок этишди. Тадбир жараёни тўғридан тўғри onlayn шаклида республикамизнинг барча темир йўл корхоналарига кўрсатиб турилди.
Маросимда З.Нарзуллаев сўзга чиқди ва барча темирйўлчиларни касб байрами билан самимий табриклади.
– Бугун мамлакатимиз темирйўлчилари касб байрамини катта тантана билан нишонлашмоқда, – деди З.Нарзуллаев. – Барчангизни ана шу қутлуғ айём билан чин кўнгилдан самимий табриклайман. Муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимизнинг алоҳида эътибори билан темир йўл соҳаси фаолияти йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Қувонарлиси Ўзбекистон темир йўўллари қўлга киритаётган ютуқ ва муваффақиятларнинг барчаси халқ фаровонлиги, юртимиз ободлиги, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон темир йўллари фаолияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Бу темир йўл тизимининг салоҳияти кундан кунга ортиб бораётганидан далолат беради. Ўтган йиллар давомида темирйўлчиларимиз томонидан минглаб километрлик йўллар, кўприк ва тунеллар, йўл ўтказгичлар ва бошқа иншоотлар қурилди. Ушбу ютуқлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Бунда сиз касби тажрибали, малакали ва фидойи темирйўлчиларнинг, ташаббускор раҳбар ходимларнинг жуда катта ҳиссаси бор. Бугун ана шу захматкаш темирйўлчиларни ҳар қанча шарафласак, арзийди. Президентимиз номидан, ўзим ва раҳбарият номидан барчангизни касб байрами билан яна бир бор табриклайман.
Анъанага кўра бу йилги касб байрамида ҳам 76 минг темирйўлчилар орасида ўзининг соҳа ривожига ҳисса қўшган меҳнати туфайли бир гуруҳ ходимлар “Фахрий темирйўлчи” кўкрак нишони мукофотига сазовор бўлди.
Байрам тадбирида ушбу заҳматкаш ва меҳнаткаш, фидойи, ташаббускор касб эгаларининг бир қисми тақдирланди. Унга кўра ишдаги ютуқлари, фидойи меҳнати ва барчага ўрнак бўлаётган фаолияти билан узоқ йиллар давомида меҳнат қилган 29 нафар темирйўлчилар “Фахрий темирйўлчи” кўкрак нишонига сазовор бўлди. Бошқарув раиси соҳамизнинг энг асосий мукофоти – “Фахрий темирйўлчи” кўкрак нишони билан 29 нафар темирйўлчига тантанали тарзда топширди. Шунингдек, бир гуруҳ соҳа ходимларига фахрий ёрлиқлар ҳам берилди.
Шундан сўнг тадбирда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Қ.Сабиров, “Фахрий темирйўлчи” кўкрак нишонига сазовор бўлган Юридик бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси Винер Рахмангулов, Иқтисодий таҳлил ва прогнозлаш бошқармасининг Меҳнат ва иш ҳақи бўлими етакчи мутахассиси Насиба Бурхонова сўзга чиқди ва соҳамиз ходимлари орасида энг олий мукофотга лойиқ кўрилгани учун раҳбариятга ва барчага ўз миннатдорчиликларини билдириб, темирйўлчиларни хусусан, мукофот соҳибларини чин дилдан табриклашди.
Тадбир сўнггида З.Нарзуллаев республикамизнинг барча темирйўлчиларига, шунингдек, мукофот соҳибларига яна бир бор омад, муваффақият, оилавий бахт ҳамда темир йўл тизимини ривожланишида янада кўпроқ ҳисса қўшишларига ишонишини айтиб ўтди. Бу каби мукофотлар бардавом бўлишига умид билдирди.
Шундан сўнг мукофот соҳиби бўлган темирйўлчилар бошқарув биноси ховлисида эсдалик учун тарихий суратларга тушишди ва улар учун Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат ташкил этилди.