ТУБ ИСЛОХОТЛАР ЙЎЛИДА
Бугун янги Ўзбекистоннинг она тили дунё миқиёсида баралла жаранг сочаётгани нафақат биз учун балки, бошқа миллат вакиллари учун ҳам аллақачон табиий ҳолга айланиб улгурган. Яқинда Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеясининг бўлиб ўтган 78-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида нутқ сўзлади.
У ўз сўзини дунё эътиборини айни дамда халқаро муносабатлар тизимидаги фундаментал ўзгаришлар, бутун башарият тақдирига дахлдор масалаларга ҳамда геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли инвестиция ва инновация соҳаларида вужудга келаётган тўсиқлардан бошлади. “Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бормоқда”,-дейди Ш.Мирзиёев. Йиғилганларга юртимиздаги сиёсий жараёнлар яъни халқ Конституциясини ва ҳуқуқий асосда “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегиясини қабул қилиниши, сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайгани, 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайгани ҳамда охирги йилларда таълим тизими тубдан ўзгараётгани, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилаётгани, ёшлар сиёсатининг олиб борилиши ҳақида айтиб ўтди. Сўнгги йилларда Мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганини, бир аср мобайнида Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этиб келинганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, диний тоқатсизлик ҳолатларига йўл қўймасликка чақириб, Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этишни таклиф қилиб, буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Хотин-қизлар масаласига алоҳида тўхталиб, Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф қилди. Ва яна Президентимиз ҳар чиқишларида катта эътибор қаратган Орол, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил худудлар барпо қилиш мавзусига тўхталди.
Эътироф этиш керакки юқоридаги таклифлар нафақат Ўзбекистоннинг равнақи учун балки бошқа давлатлар келажаги учун ҳам ўта муҳим ўрин тутади. Мавзуни она тилимиздан бошлангани бежиз эмас. Чунки, дунё бизни аввало тилимиз, маънавиятимиз, Президентимизнинг юқори минбарларда ўз тилида сўзлаётган нутқи орқали тан олмоқда. Бунинг ортида машаққат билан бирга барчамиз учун муҳим бўлган масъулият ётади. Биргина меҳнат муносабатлари ва хотин қизлар борасидаги амалга оширилган муҳим чора-тадбирларда касаба уюшмаларининг иштироки алоҳида аҳамиятга моликдир.
Шу ўринда 2023 йил 28 сентябрь куни ZOOM видеоконференция алоқа тизими орқали Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда тасарруфдаги худудий, бирлашган ва бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ва фаоллари иштирок этдилар. Йиғилишнинг асосий мавзуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2023 йил 19 сентябрь кунидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи ва ундан келиб чиқадиган вазифаларга қаратилди. Йиғилиш сўнггида Республика Кенгаши ва унга аъзо ташкилотларнинг раисларига ҳар бир ходимлар Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги нутқи билан яна бир бор чуқур танишиб олишлари, тизимдаги ва ҳудуддаги ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасаларда бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раислари билан биргаликда, нутқнинг мазмун-моҳияти, унда кўтарилган масалалардан келиб чиқадиган вазифалар бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришлари кераклиги айтилди.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва
транспорт қурувчилари касаба уюшмаси
Республика Кенгаши раиси
ҚУТЛИМУРАТ САБИРОВ