МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ ҲОЛАТИ БЎЙИЧА МОНИТОРИНГ ЎТКАЗИЛДИ
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти томонидан тасдиқлаган “Меҳнат муҳофазаси ҳолати бўйича мониторинг ўтказиш тўғрисида” ги жадвалга ва Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг 25 сентябрдаги 02-03-30-сонли фармойишига биноан Республика Кенгаши меҳнат муҳофазаси бўлими мудири Ж.Валихонов бошчилигидаги Тошкент, Қўқон, Қарши, Қўнғирот ва Термиз минтақавий темир йўл узеллари, касаба уюшма ҳудудий қўмиталарининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош мутахассислари иштирокидаги мониторинг гурухи томонидан, бир ҳафта давомида “Термиз минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси тасарруфидаги корхона, ташкилот ва муассасаларида, меҳнат муҳофазаси ҳолати ва ишчи-ходимларга яратилган меҳнат шароитлари устидан жамоатчилик назоратини ташкил этилиши бўйича мониторинг ўтказилди.
Мониторинг давомида меҳнат муҳофазасининг қуйидаги масалаларига, яъни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича корхоналардаги умумий аҳвол; қозонхоналар, кўтарма иншоотлар ва босим остида ишловчи сиғимларда ишларни бехатар олиб боришда ва корхоналарда авария, бахтсиз ҳодисаларини олдини олиш чоралари; уч босқичли маъмурий жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва ўтказиш; иш жараёнида ходимларга етказилган зарарларни тўлаш тартиблари; иш жойларини шаходатлаш (атестациядан ўтказиш) тартиби; янги ишга қабул қилинган ходимларга Т-1 шакл асосида йўриқдан ўтказиш ва бошқа масалаларга эътибор қаратилди.
Ҳафта давомида узелнинг 12 та темир йўл корхона, ташкилот ҳамда муассасалари ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Мониторинг якунида барча ўрганилган корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирокида семинар – тренинг ўтказилди.
Шунингдек, семинар-тренинг давомида ўрганилган корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари ўртасида меҳнат муҳофазаси бўйича амалдаги меъёрий ва ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланиш бўйича кўрик-танлов ўтказилди. Қизғин баҳс-музокаралар ва савол-жавоблар асосида ўтказилган танловда фаол иштирок этган семинар-тренинг иштирокчилари Термиз минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси касаба уюшма Ҳудудий қўмитасининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.