ДАВЛАТ ТИЛИ БИРЛИГИМИЗ РАМЗИДИР
Ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойнаи ҳаёти — бу унинг миллий тили ва адабиётидир. 21-октябрь она тилимизнинг қадри, қиммати тикланган, мақомига яраша даражага эга бўлган кун. Сана муносабати билан темирйўлчилар касаба уюшмалари иштирокида турли ҳилдаги тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, темирйўлчилар Марказий клиник касалхонаси касаба уюшма қўмитаси ва ёшлар етакчиси хамширалар кенгаши билан биргаликда маънавий-маърифий тадбир ташкил қилиниб, унда хамширалар иштирокида тилга бағишлаб сахна кўринишлари намойиш этилди. Фаол иштирокчиларга эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Термиз минтақавий темир йўл узели рахбарияти ва Худудий касаба уюшма қўмитаси хамкорликда “Ўзбек тили – миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли” мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Унда узел рахбарияти, касаба уюшма қўмитаси, хотин-қизлар маслахат кенгашлари ва ёшлар фаоллари, шунингдек темирйўлчилар ҳамда Термиз давлат педогогика институти профессор-ўқитувчилар ва талабалари ҳам иштирок этдилар.Тадбирда сўзга чиққанлар мавзу юзасидан маъруза қилдилар. Ҳозирда темир йўлда ўз фаолиятларини олиб бораётган ёш мутахассислар, ҳаваскор шоир ва шоираларнинг ижодидан намуналар тингланди.Тадбир якунида фаол иштирок этган темирйўлчилар ҳамда таклиф этилган устозлар Термиз минтақавий темир йўл узели худудий касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғалари билан рағбатлантирилдилар.
Худди шундай тадбир Андижон механика заводи шўьба корхонасида ҳам бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар она тилимизнинг бой тарихи ва мавкеини янада юксалтириш, ҳар бир миллатнинг урф-одатиларини бугунги ва келажак авлодга етказиб бериш, тил нутқ воситаси ҳисобланиб қолмасдан давлатнинг муҳим тимсоли ва мулки эканлигини гапириб ўтдилар. Тадбир давомида Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти талабалари иштирокидаги гўзал шеьр ва ўзбек рақслари барчага байрамона кайфият бағишлади.