“МАЪНАВИЯТ СОАТИ” ДОЛЗАРБ МАВЗУГА БАҒИШЛАНДИ
Жорий йил 26 октябрь куни “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” масъулияти чекланган жамияти қурилиш объектларида ишлаётган ишчи-ходимлари учун корхона касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан “Ижтимоий маънавий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва диний муҳитни соғломлаштириш” мавзусида “Маънавият соати” ӯтказилди.
11 ноябрь – “Касаба уюшмалари куни”га бағишлаб ўтказилган мазкур тадбирда социология фанлари доктори, профессор Т.Матибаев иштирок этиб, бугунги кунда дунёнинг кўплаб минтақаларини қамраб олган терроризм ва экстремизм билан боғлиқ муаммолар ҳамда бу иллатларга қарши долзарб масалалар тўғрисида маъруза қилиб масалани рақамлар мисолида айтиб ўтди.
Шунингдек, мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний-маърифий ислоҳотларни кучайтириш, экстремизм ва терроризм ҳолатларининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам гапирди.
¬ Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб турли ғаразли мақсадларни амалга оширишга уриниш ҳаракатлари содир бўлаётганида кўз юмиб бўлмайди, – дейди Т.Матибаев. – Ақидапараст, экстремист, террорчилар жирканч қиёфасини турли кўринишларда намоён қилиб, қонунга хилоф хатти-ҳаракати билан жамиятимиздаги барқарорликка салбий таъсир кўрсатишга уринмоқда. Биз бундай таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз керак. Энг муҳими, мустақил фикрлайдиган, соғлом дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга шахсларни тарбиялаш, ёшлар қалби ва онгида соғлом турмуш тарзи, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантириш орқалигина бузғунчи ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни ҳосил қилиш мумкин.
Тадбир давомида мавзу доирасида қизғин савол жавоблар бўлиб ўтди.
Мунозара ва савол-жавобларда фаол қатнашган ишчиларга корхона касаба уюшма қўмитаси томонидан бадиий китоблар совға қилинди.