ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

“КАСАБА УЮШМАЛАРИ КУНИ” МУНОСАБАТИ БИЛАН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРДА БАЙРАМ ТАДБИРИ
03.11.2023

“КАСАБА УЮШМАЛАРИ КУНИ” МУНОСАБАТИ БИЛАН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРДА БАЙРАМ ТАДБИРИ 

Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба 2020 йилнинг 11 ноябрида касаба уюшмалари кунини нишонлаш белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари касаба уюшмалари аъзолари тимсолида бутун халқимизга яна бир байрам кунини тақдим этишни таклиф қилганликлари нафақат касаба уюшма ходимлари, балки юртимизнинг барча меҳнаткаш ва ишчи-ходимларига қаратилгани билан, “Инсон қадри учун” деган инсонпарвар ғоянинг ҳаётимиздаги яна бир гўзал амалий ифодасидир. Албатта бу эътибор ва ғамхўрлик биз - касаба уюшмаларини ўз соҳамизни янада ривожлантиришга, жамиятимиз ривожи ва ходимлар манфаати йўлида янада шижоат билан, бор куч ва ғайратимизни сафарбар этиб ишлашга чорлайди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг мажлислар залида 11 ноябрь – “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси З.Нарзуллаев, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қ.Сабиров, Бошқарув раиси ўринбосари Ж.Юсупов, Персонални бошқариш ва кадрларни тайёрлаш бошқармаси раҳбари Д.Сабиров ҳамда тизимдаги касаба уюшмаларининг жонкуяр аъзолари, шу соҳа мутахассислари ва ишчи-ходимлари иштирок этишди. 
Тадбирда дастлаб Қ.Сабиров барчани байрам билан табриклаб, кейинги пайтларда касаба уюшма ташкилотларига мамлакатимиз раҳбарияти, шахсан Президентимиз томонидан жуда катта эътибор қаратилиб, муҳим ва долзарб вазифалар берилаётгани, бу вазифалар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда тармоқнинг ҳудудларидаги касаба уюшма қўмиталари томонидан ўз вақтида бажарилишига катта аҳамият қаратилаётгани ҳақида гапирди. Ҳар қандай ҳолатда ва ҳар қандай вазифани бажаришда темирйўлчилар касаба уюшмалари иш берувчи билан доимо елкама елка туриб тизимнинг равнақи йўлида беминнат меҳнат қилишга тайёр эканлигини айтиб ўтди.


Шундан сўнг, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси З.Нарзуллаев сўзга чиқиб, тизимда рўй бераётган катта ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида гапириб, бу борада Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан тизимдаги болалар оромгоҳлари, соғлиқни сақлаш, маданий-маърифий ва спорт объектларини сақлаш, аҳолига кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган тушумларни ошириш ҳамда уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш юзасидан тизимли ишларни амалга ошириш бўйича “Темир йўл ижтимоий хизматлар” муассасаси ташкил этилиши, бу албатта “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан меҳнат унумдорлигини ва унинг сифатини кескин даражада яхшилаш мақсадида олиб борилаётган саъй ҳаракатлари зое кетмай ўзининг ижобий натижасини беришини қайд этди.
Шу жумладан, жамият бошқаруви раиси барча касаба уюшма ходимларини тизимдаги барча ишчи-ходимларига қулай меҳнат шароитларини яратиш ва меҳнатга ҳақ тўлаш, бандлик ҳамда ижтимоий кафолатларни берилиши юзасидан жамоатчилик назоратини олиб бориш билан бирга, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиб, моддий, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлатлашда ижтимоий шерикчилик асосида фаолликка чақирди.

Шундан сўнг, байрам тадбирининг тантанали маросими - йилнинг энг яхшилари, энг фаоллари ва энг илғорларини тақдирлаш қисмига ўтилди. 


Унда Болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш мавсуми ташкилотчилари ва жонкуярлари, “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови ғолиблари, Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан Республика кўрик-танлови 2-босқич натижалари ғолиблари, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси вакили” “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинациялари ғолиблари тақдирландилар. Номинантларга диплом, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар топширилди.


Шунингдек, байрам муносабати билан Республика Кенгаши ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳисобидан темирйўл тизимида ишлайдиган кам таъминланган, кўп болали, фарзанд кўрмаган оилалар аъзоларига ҳамда олис ва чекка ҳудудларда мураккаб иқлим шароитида истиқомат қилувчи 10 нафар тармоқ ишчи-ҳодимларига Тошкент вилоятида жойлашган “Назарбек” санаторийсида соғломлаштириш учун умумий нархи 30 миллион сўм миқдорида бепул йўлланмалар ажратилди.

276
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна