САЛОМАТЛИК КОНЦЕПЦИЯСИ
Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи АЖда касаба уюшма қўмитаси томонидан “Соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш” мавзусида семинар тренинг ташкил этилди. Бундан асосий мақсад корхона ишчи-ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзи ҳамда соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилишдир. Семинар тренингни Олий тоифали шифокор Нутрицолог-Диетолог Ахмедова Алла олиб борди. У хозирги глобаллашув шароитида турли хил вируслар, инфекциялар тарқалиши ҳамда инсонлар турмуш тарзини ўзгариши, шунингдек айрим кишилар томонидан чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиниши аввало юрак-қон томир ва нафас олиш йўлларига зарар келтираётганлиги, бунинг натижасида эса семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқароларимизнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиб келаётгани ҳақида гапирди.
Шу сабабли ҳар бир инсон соғлом бўлиши учун зарарли одатлардан воз кечиши, мунтазам равишда спорт билан шуғулланиши, доимо тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиши, хусусан таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмаслиги зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини ташкил қилиш ва шундан келиб чиққан ҳолда, семизлик даражасини, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш учун барча керакли маслаҳатлар берилди. Ишчи-ходимлар иш куни давомида гимнастика машқларини бажаришлари, мунтазам равишда спорт билан шуғулланиш янада кўпроқ фойдаланишлари кераклиги айтиб ўтилди. Ўтказилган семинар –тренинг қизиқарли савол ва жавобларга тўла ҳолда ўтиб, барча ишчи-ходимларда катта таасурот қолдирди.