МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ
Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан айни даврда инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар қатлами билан яшаётганимизни инобатга олган ҳолда БМТ минбарида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан илиқ қаршиланди. Ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади.
Шу боис 11 март куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Етакчилар Кенгаши ва Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ёшлар бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандуми имзоланди. Унда икки томонлама алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истагида, ўзаро ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишида икки томонлама муносабатларни шериклик асосида ривожлантиришга интилган ҳолда, муҳим масалаларни келишиб олинди. Яъни икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари, ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалаларни муҳокама қилиш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказиш, ҳамкорликда тармоқда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишида самарали ҳамкорликни таъминловчи, “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида профессионал фаолиятни амалга ошириш, ёшларни турли мафкуравий таҳдидлардан асраш, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёшлар сафини кенгайтириш, ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашиш, ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бошқалар таъкидлаб ўтилган.