Азиз ва қадрли темирйўлчилар!
Сизларни ва сизлар орқали меҳнат жамоангизни, оила аъзоларингизни янгиланиш ва яшариш байрами — Наврўз айёми билан самимий муборакбод этамиз.
Неча минг йиллик тарихга эга Наврўзи олам миллий шарқона янги йил бўлиб, юртимиз табиатига, халқимиз онгу тафаккуриига чуқур сингиб кетган гўзал баҳор байрамидир.
Ота-боболаримиз бундай кунларда фақат эзгу ишлар қилишга, кексаларнинг дуосини олиб, етим-есир, бева-бечора, хастаю муҳтожларга меҳрибонлик кўрсатишга интилганлар. Ўтмишда Наврўз куни урушлар тўхтаган, гиналар унутилиб, элда тинчлик, осойишталик қарор топган.
Айни кунларда муҳтарам Президентимиз бошчилигида Жонажон Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар замирида ҳам ана шундай эзгуликлар мужассам.
Бугунги кунда озод ва обод юртимизда мўътабар қарияларимиз, ота-оналаримиз ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйиш, жамиятимизда меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззатда бўлиш, ҳеч кимни ёлғиз ва эътибордан четда қолдирмаслик ҳаётимизнинг энг олий қадриятига айланган.
Наврўз байрамининг мазмун-моҳияти саховатли замин билан, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, заҳматкаш темирйўлчилар амалга ошираётган юксак бунёдкорлик ишлари ҳам инсон бахту саодати, ёрқин келажаги, Ўзбекистонимизни янада обод ва фаровон қилиш учундир.
Бу йўлда мардона меҳнати ва матонати билан улкан ҳисса қўшаётган Сиз азиз темирйўлчиларни яратувчанлик иштиёқи, бунёдкорлик шижоати асло тарк этмаслигини тилаймиз!
Барчангизга яна бир бор меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик тимсоли бўлган Наврўз муборак бўлсин!
Бу гўзал айём юртимизга янада ободлик, хонадонларимизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонимизга қут-барака олиб келсин.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!