ЭҲТИРОМ, ЭЪЗОЗ, ЭЪТИБОР
Мамлакатимизда ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Хар йили ушбу кун арафасида тинчлик йўлида фидоийлик кўрсатган, юрт тараққиётида ҳисса қўшаётган фидоий инсонлар қадрланиб, хотирланади. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган, юртимиз озодлиги учун жон фидо қилган инсонларни хотирлаш, ҳозирда биз билан бирга яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийларини қадрлаш, улар босиб ўтган йўлларни ўрганиб, обод кунларимизга шукроналар айтиш – бизнинг чинакам инсонийлик бурчимиздир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 7 май куни “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони имзоланди. Ушбу фармонга мувофиқ 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 20 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти берилди. Давлатимиз раҳбарининг фармони ижросини таъминлаш ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси З.Нарзуллаевнинг 2024 йил 1 майдаги “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти пенсионерларини – Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги буйруғига асосан тизим корхона ва бўлинмаларида ишлаб, пенсияга чиққан 3 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига 15 миллион сўмдан, фронт ортида меҳнат қилган нафақадаги 21 нафар темирйўлчига эса 10 миллион сўмдан пул мукофоти берилди. Жамият бошқаруви раиси буйруғига асосан республикамизнинг турли шаҳар ва вилоятларида истиқомат қилаётган юртдошларимизга ҳудудлардаги минтақавий темир йўл узеллари ҳамда корхоналарнинг раҳбар ва мутахассислари, касаба уюшма қўмиталари раислари нафақадаги темирйўлчиларнинг хонадонларига бориб, темир йўл раҳбарияти табригини етказиб, пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғаларини топширишди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган кексалар минтақавий темир йўл узелларидаги касаба уюшма қўмиталари томонидан ҳам моддий рағбатлантирилиб, совға-саломлар берилди. Хусусан, Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 80 нафар фахрий темирйўлчи пул мукофоти билан тақдирланди. Шундан 55 нафари ёлғиз, олис ҳудудда яшайдиган пенсионерлардир. Бундан ташқари, Республика Кенгаши ҳисобидан Бухорода меҳнат қилаётган темирйўлчилар учун 2 кунлик қадимий Хива шаҳрига саёҳат ташкил этилди.
Темирйўлчи фахрийлар бугунги тинч ва осуда мамлакатимизда нуронийларга кўрсатилган ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдиришди.