Мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳам шулар жумласидандир. Жорий йилда ҳам ўтган йиллардаги каби меҳнаткашлар фарзандларини соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Бу борада фарзандларимиз ёзги таътилни мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамият тасарруфидаги болалар дам олиш оромгоҳларида ёзги дам олиш мавсуми бошланди.
Айни кунларда анъанага кўра ҳар йилги ёзги мавсумида Орол бўйи минтақасида яшовчи 410 нафар темирйўлчи фарзандлари “Қибрай” оромгоҳининг биринчи навбатида мароқли дам олдирилиб, оиласи бағрига қайтдилар.
Шунингдек “Касаба уюшмаси болаларга акцияси”доирасида Меҳрибонлик уйида яшаб, таълим-тарбия олаётган, ота-она ва яқин кишилари қаровидан маҳрум бўлган етим болаларни саломатлигини тиклаш мақсадида, Республика Кенгаши маблағлари ҳисобидан 22-Меҳрибонлик уйининг 35 нафар тарбияланувчилари “Бурчи-мулло” оромгоҳида биринчи навбатида бепул дам олдирилди.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, “Темирйўл ижтимоий хизматлар” муассасасига қарашли оромгоҳларда ўтказилаётган турли хил тадбирларда болажонлар ҳам фаол иштирок этиб, оромгоҳ тўгаракларида ўрганган рақс, саҳна кўринишлари, қўшиқлар, ўзлари ясаган ўйинчоқлар кўргазмалари орқали ижод намуналари ва иқтидорларини намоён этмоқдалар.
Шунингдек, ҳар бир оромгоҳда тиббиёт ҳамда ички ишлар ходимлари томонидан болаларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги доимий назоратга олинмоқда.