“Темирйўлекспресс” АЖ ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 январдаги ПҚ-96-сонли “Заковат” интеллектуал ўйини аҳоли ўртасида оммавий маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда 30 июнь – Ёшлар куни байрами муносабати билан “Темирйўлекспресс” АЖ ишчи-ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал турнири бўлиб ўтди.
Муросасиз, ҳаяжонли ва қизғин ўтган беллашувда, биринчи ўринни “Тальго” жамоаси, иккинчи ўринни “Афросиёб” жамоаси ва учинчи ўринни “Локомотив” жамоаси эгаллади. Турнир сўнггида корхона раҳбари Дилшод Ҳожиакбаров сўзга чиқиб, тадбир қатнашчиларини Ёшлар байрами билан табриклаб, қизиқарли ва кўтаринки кайфиятда ўтган турнир учун барчага миннатдорлик билдирди. – Мазкур интеллектуал ўйинларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, корхонада фаолият юритаётган ишчи-ходимлар, айниқса, ёшларнинг интеллектуал ва профессионал билим даражаси, маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириб боришдир. Шунингдек, бу борада билимли ва салоҳиятли ходимларга иқтидорини намоён этишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратиш, уларни муносиб рағбатлантириш, ходимларда илмни қадрлашга, китоб мутолааси билан кўпроқ шуғулланишга ва билим олишга интилишлари каби тушунчаларни мустаҳкамлашдан иборатдир, – деди корхона касаба уюшмалари қўмитаси раиси Нодира Рамазанова. Турнир сўнггида ғолиб ва турнир иштирокчиларига корхона ва касаба уюшмалари қўмитаси раҳбариятининг “Фахрий ёрлиқ” ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.