ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИРЙЎЛЧИЛАРИ ВА ТРАНСПОРТ ҚУРУВЧИЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ (РК)

Касаба уюшмалари бўлинмалари ва бошланғич ташкилотлари адлия органларида ҳисобга қўйилади
02.09.2024

2024 йил 14 августда “Юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмалари ташкилотларини ҳисобга қўйиш тартиби белгиланаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Маълумки, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунга асосан касаба уюшмаларининг бўлинмалари, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари юридик шахс мақоми билан ёки юридик шахс мақомисиз ташкил этилиши мумкин. Бугунги кунда касаба уюшмалари тизимида юридик шахс мақомисиз ташкил этилган 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилот мавжуд.  

– Амалиётда юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича норма мавжуд эмаслиги уларнинг ўз фаолиятини тўлақонли амалга оширишда қийинчиликларни юзага келтирмоқда, - деди сенатор Қ.Санақулов. – Шу боис, Президентимизнинг 2022 йил 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг тўлақонли фаолият олиб боришини таъминлашга оид вазифалар белгиланган.  

Ўз навбатида, юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишда ҳам уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги катта аҳамият касб этади.

Шундан келиб чиқиб, “Юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмалари ташкилотларини ҳисобга қўйиш тартиби белгиланаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун билан юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидалари мустаҳкамланди. Уларнинг мажбуриятлари юзасидан тегишли касаба уюшмасининг жавобгарлиги оширилди.  

Шу муносабат билан қонунга кўра “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунга ва Солиқ кодексига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди.  

Қонунга киритилаётган қўшимчалар ва ўзгартиришларга асосан юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўз ихтиёрига кўра адлия органларида ҳисобга қўйилади.

Адлия органларида ҳисобга қўйилган юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмаларига ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларига солиқ тўловчининг идентификация рақами уларнинг ихтиёрига кўра берилади.  

Мазкур қонун юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини рўйхатга ва ҳисобга олиш ягона орган орқали амалга оширилишига замин яратди. Шу билан бирга, қонун улар томонидан шартномавий-ҳуқуқий муносабатга киришилганда юзага келадиган мажбуриятлар бўйича жавобгарликни аниқ белгилашга хизмат қилади.

30
Боғланиш
Телефон +998 71 238 85 84
Факс: +99871 237 94 94
Адрес: 100060, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 7 уй
Обуна