Ишдан бўшатишга розилик бериш ҳақидаги касаба уюшмаси қўмитаси қарори ҳақида жуда муҳим маълумот.
10.09.2024
Ҳозирги биз айтмоқчи бўлган маълумотлар меҳнат низоларини кўрадиган фуқаролик судлари судьялари, меҳнат низоларида қатнашадиган адвокатлар ва юристлар, қолаверса, касаба уюшмалари учун кўпроқ фойдали бўлиши мумкин.
Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 26-сонли қарори 26-бандида касаба уюшмаси қўмитасининг ходимни бўшатишга розилик бериш ҳақидаги қарори борасида шундай қоида белгиланган:
Судларнинг эътибори ходимни ишдан бўшатиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишнинг тартибига кириши сабабли, ишга тиклаш низосини кўриб чиқишда касаба уюшмаси қўмитасининг қарори белгиланган тартибга риоя қилинган ҳолда қабул қилинган-қилинмаганлиги ҳолатига иш юзасидан барча далиллар йиғиндиси асосида суд томонидан баҳо берилишига қаратилсин.
Демак, бу ерда аҳамият берадиган томони, касаба уюшмаси қўмитасининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш, шу жумладан, розиликка доир қарор ва баённомаларини расмийлаштириш жараёнлари меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибига киради.
Гап шундаки, айрим адвокатлар ва юристлар касаба уюшма қўмиталарининг ходимни ишдан бўшатишга розилик бериш ҳақидаги қарорларини ҳақиқий эмас (ғайриқонуний) деб топиш юзасидан судга алоҳида даъво аризаси киритади. Ёки, ходимни ишга тиклаш ҳақидаги асосий даъво аризасида, касаба уюшмаси қўмитаси қарорини ҳақиқий эмас (ғайриқонуний) деб топиш ҳақида ҳам алоҳида қўшимча талаб киритиб кетади.
Биз келтирган Пленум қароридаги юқоридаги кўрсатма “бунга умуман ҳожат йўқ” демоқчи, сабаби, касаба уюшмаси қўмитасининг ходимни ишдан бўшатишга розилик бериш ҳақидаги ҳаракатлари ва ҳужжатлари шундоқ ҳам ишдан бўшатиш тартибига киради. Бу бўйича алоҳида даъво талаби берилмаган бўлсада, суд ходимни ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризадан келиб чиқиб, касаба уюшмаси қўмитаси ҳужжатларига шундоқ ҳам баҳо бериши керак.
Яқинда, тўғрироғи, 2024 йилнинг 26 июлида Олий суд Раёсатининг РС-31-24-сонли қарори қабул қилинди ва ушбу Раёсат қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2024 йилнинг биринчи ярмида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти обзори” тасдиқланди.
Мазкур умумлашмага кўра, касаба уюшмаси қўмитасининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш ҳақидаги қарорлари юқорида биз келтирган Пленум қароридаги кўрсатмага мувофиқ алоҳида ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмаслиги қайд этилган. Ҳамда, бундай ҳужжатларга иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибига риоя қилинган-қилинмаганлиги юзасидан баҳо берилиши кераклиги назарда тутилган.
Шунингдек, Раёсат қарори билан тасдиқланган юқоридаги умумлашмада тарафлар касаба уюшмаси қўмитасининг ходимни ишдан бўшатишга розилик бериш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас (ғайриқонуний) деб топиш ҳақида даъво аризаси киритса, бундай ишлар фуқаролик судига ҳам, иқтисодий ёки маъмурий судларга ҳам тааллуқли бўлмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Бундай ҳолларда ушбу даъво аризалари бўйича: ФПКнинг 194-моддасига асосан аризани иш юритувга қабул қилиш рад қилинади, агар иш юритувга қабул қилиб қўйилган бўлса, барибир ФПКнинг 124-моддасига асосан иш юритишдан тугатилади.
Яъни, юқоридаги Олий суд Раёсати ва Пленуми қарорларидан келиб чиқсак, касаба уюшмаси қўмитасининг ходимни ишдан бўшатишга розилик бериш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга ариза киритишдан ҳеч қандай маъно йўқ.
43