Соғлом ҳаёт сари қадам: “Темирйўлэкспресс” АЖда хотин-қизлар спартакиадаси ўтказилди
Соғлом ҳаёт сари қадам: “Темирйўлэкспресс” АЖда хотин-қизлар спартакиадаси ўтказилди
2026 йил 28–29 март кунлари Хўжакент дам олиш масканида “Темирйўлэкспресс” АЖ цехларида фаолият юритиб келаётган 40 нафар аёллар иштирокида “Соғлом ҳаёт – бахтли ҳаёт гаровидир!” шиори остида спартакиада бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда жамоавийлик ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлаш мақсадида юқори савияда ташкил этилди.
Спартакиада дастуридан стол тенниси, бадминтон, 100 метрга югуриш ва волейбол каби спорт турлари ўрин олди.
Мусобақалар давомида иштирокчилар ўзларининг пухта тайёргарлиги, интизоми ва спортга бўлган юксак қизиқишини намоён этдилар. Барча беллашувлар адолатли ва шаффоф тарзда ташкил қилиниб, ҳаққоний баҳоланди.
Айниқса, волейбол баҳслари қизғин ва муросасиз ўтди. Унда 1-цехнинг “Орзулар”, 5-цехнинг “Олға аёллар”, 7-цехнинг “Чемпион қизлар” ҳамда 8-цехнинг “Ғалаба сари” жамоалари фаол иштирок этди. Қизғин беллашувлар якунига кўра, 1-ўринни “Олға аёллар” жамоаси қўлга киритган бўлса, 2-ўрин “Чемпион қизлар”, 3-ўрин эса “Ғалаба сари” жамоаларига насиб этди.
Тадбир якунида “Темирйўлэкспресс” АЖ раҳбарияти ҳамда касаба уюшма қўмитаси томонидан барча иштирокчиларга самимий миннатдорчилик изҳор этилди.
Ғолиб бўлган жамоалар ва иштирокчилар касаба уюшма қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди .
Бундай спорт тадбирлари нафақат соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, балки меҳнат жамоалари ўртасида дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.



